1С Бухгалтерия 3.0 дастурида ҳаммамизга таниш бўлган «План счетов» объекти мавжуд. Ушбу объект, аввалдан — дастур тузилганда киритиб қўйилган бухгалтерия счетларидан таркиб топган.
Кўпинча бухгалтерлар стандарт счетлар режасини ўзгартириб, янги счет қўшиш ёки субконто таркибини ўзгартириш хохиши борлигини айтишади. Айрим пайтлар бундай ўзгаришлар дастур функционаллигини ўзгартирмайди, айрим холатларда эса қийинчиликлар туғдиради.
Субконто ўзи нима?
Субконто – 1С да аналитик ҳисоб инструменти ҳисобланиб, корхонанинг барча актив ва пассив объектларида акс этади. Қисқача – бу аналитик (тахлилий) счетлар. Уларнинг ёрдамида тахлил учун бухгалтерия счетлари ёрдамида мавжуд ресурслар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.
Умуман олганда 1с Бухгалтерия дастури янги счетларни фойдаланувчи режимда киритиш имконини беради. Дастурнинг Справочники менюси Производство бўлимида План счетов иловаси орқали счетлар режасига ўтилади. Добавить тугмасини босиб керак бўлган янги счет ёки субсчет қўшилади. Дастур тузувчилар томонидан конфигуратор орқали киритилган счетларда, Т харфи ёнида сариқ нуқта акс этади. Фойдаланувчи киритган счетларда эса сариқ нуқта бўлмайди. Сариқ нуқтаси бор счетларга ўзгартириш киритиб бўлмайди.
Энди эса мақолани ёзишга бўлган сабаб устида гаплашсак. Счетлар режасига янгисини қўшиб ўзгартириш керакми йўқми?Айрим холатларда бухгалтерлар, (асосан 1с7.7 версияда ишлаганлар ёки Excelда юритганлар) янги счет қўшиб ишлашни хохлашади. Мисол учун 2010 счетни олсак. Фаолият турига кўра харажатларни алохида юритиш учун 2010.1, 2010.2 каби счетларни ишлатишган. Янги фаолият тури пайдо бўлганда янги субсчет қўшиб ишлатишган. Бу услуб қулай бўлиб 1с7.7да ишлаган.
Фақат 1С:Бухгалтерия 8 да шу тартибда янги счетларни қўшишлик оқибатида, ой ёпилганда муаммолар келиб чиқади. Бундай холатларда дастур ишламай қолиши мумкин. Қўшимча созламалар ва дастурдаги шу модулни қайта программалаштириш талаб этилади. Фойдаланувчи учун қулайлик бўлса ҳам маълум бир манфий томонлари мавжуд. Дастурга ўзгартириш киритишлик сезиларли даражада молиявий ресурсларни талаб этади.
Дастурни стандарт ишлаш механизмларидан фойдаланган ҳолда харажатларни тақсимлаш мумкин. Бунинг учун Номенклатурные группы субконтоси мавжуд. Корхонада юритилаётган фаолият тури номини Номенклатурные группы справочникига киритишлик ва хужжатларда (документ) танлаш орқали бу муаммо осон ҳал бўлади. ОСВ ҳисоботида зарур бўлган маълумотларни кўриш имконини беради.
Кенг тарқалган холатлардан бири 5110 счетга субсчет қўшишлик. Корхонада биттадан кўп ҳисоб рақам бўлганда янги субсчет қўшишлик. Бу ҳам кераксиз. 5110 счетнинг «Банковские счета» субконтоси мавжуд.
Ҳар бир счетнинг қўшимча жадвал кўринишида тахлилий кўрсаткичи мавжуд. Янги субсчет қўшиш ўрнига айнан мана шу тахлилий кўрсаткич бўлмиш Субконтодан унумли фойдаланиш керак.
Яна кенг тарқалган истаклардан бири: контрагентлар билан ҳисоб-китоб учун ишлатиладиган (4010, 6010, 4800, 6900)ларга янги субсчет қўшишлик. Ушбу ҳолатда бир қанча муаммо юзага келади. Биринчиси — қўшилган субсчетлардаги қолдиқлар бухгалтерия балансида акс этмайди. Бундай ҳолатда балансни шакллантириш учун ҳар бир операция алоҳида киритилиши ёки дастур алгоритмига программалаш билан қўшимча киритиш керак бўлади. Иккинчи муаммо эса харидорлардан тўлов қабул қилинганда, олинган бўнаклар учун ҳисоб фактура автоматик равишда шаклланмайди, бу эса ўз навбатида ҚҚС миқдорини хато ҳисоблашига олиб келади.
Кўпинча бухгалтерлар стандарт ҳисоботларда мавжуд бўлган созламалардан унумли фойдаланмаганлиги учун контрагентларга тааллуқли счетларга субсчет қўшишни хохлашади. ОСВ ҳисоботида 4010, 6010 тахлили группасиз акс этади. Аммо бу ҳисобот созламасида буни осонлик билан ўзгартириш мумкин. Ва бу ҳолатда субсчет қўшиш ўрнига, «Контрагенты» справочникига «группа» қўшишлик керак. Стандарт ҳисоботларнинг маълумот акс эттириш созламасида «группа» билан танлаб қўйилиши керак.
Хулоса ўрнида. Жуда кўп ҳолатларда дастур механизмида жорий этилган счетлар режаси бухгалтерия ҳисобини юритишга етарли. Йирик корхоналарда ёки мураккаб бухгалтерия ҳисоб сиёсати асосида юритиладиган корхона фаолияти учун қўшимча субсчетлар қўшилиши ўринли бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда қўшилган янги счет ёки субсчет ой ёпиш операциясида, балансда бехато бўлиши учун зарур бўладиган дастурий ўзгартиришларни ҳам инобатга олиниши керак. Бу тур ўзгаришлар база янгиланганда, бехато ишлаши учун давомли қайта дастурлаш зарурлиги ҳам инобатга олиниши керак.